Тошкентнинг ўнта меъморий объекти ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди
Рўйхатга «Жемчуг» турар жой биноси, иккита давлат музейи, «Халқлар дўстлиги саройи», Марказий кўргазмалар зали, «Чорсу» бозори ва бошқа объектлар киритилди

Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида ўтказилган ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 48-сессиясида Тошкент модернизм йўналишидаги ўнта объект ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди.

Номинациядан «Жемчуг» турар жой мажмуаси, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Халқлар дўстлиги саройи, Ўзбекистон давлат санъат музейи, Тошкент давлат цирки, Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар зали, Алишер Навоий номидаги кино саройи, «Чорсу» бозори, «Космонавтлар» метро бекати ҳамда Катта қуёш печи ( «Гелиос мажмуаси») ўрин олди.

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева сўнгги 25 йилда Ўзбекистон томонидан тақдим этилган миллий номинация илк бор шундай юксак мақомга сазовор бўлганини таъкидлади.
Бу фақатгина бир нечта бинонинг эмас, зилзиладан кейинги Тошкентнинг қайта бунёд этилиши билан боғлиқ бутун бир даврнинг эътирофидир. Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги навбатдаги ғалабаси – бой меъморий меросимизни асраб-авайлаш ва уни келажак авлодларга етказиш йўлидаги муҳим қадамдир, — деди Мирзиёева.





