Наманган ва Андижонда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатига ихтисослаштирилган эркин иқтисодий зоналар ташкил этилади
Президентнинг «Наманган ва Андижон вилоятларида тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатига ихтисослаштирилган эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги янги фармони лойиҳаси 26 август, чоршанба куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси муҳокамаси сайтига жойлаштирилди.
Маълум бўлишича, ушбу фармон республиканинг тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ривожлантиришга йўналтирилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни фаол жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, маҳаллий хом ашё, материалларни чуқур қайта ишлаш, газлама ва тўқимачилик бозорини Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган юқори сифатли, рақобатбардош маҳаллий маҳсулотлар билан тўлдириш, ҳамда экспортбоп газлама маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида жорий этилади.
Фармонга кўра, Наманган ва Андижон вилоятларининг ички ишлаб чиқариш ва захира салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланиш замирида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Наманган ва Андижон вилоятлари ҳокимликларининг:
- Наманган вилоятининг Наманган шаҳри, Тўрақўрғон ва Чортоқ туманларидаги жами 3137 гектар ер майдонида «Namangan textile» эркин иқтисодий зонаси;
- Андижон вилоятининг Пахтаобод туманидаги 55 гектар ер майдонида «Andijan textile» эркин иқтисодий зоналари ташкил этиш ҳамда уларнинг ҳудудий чегараларини иловага мувофиқ тасдиқлаш таклифи маъқулланиши белгиланган.
Шунингдек, лойиҳада маълум қилинишича, эркин иқтисодий зоналарнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар:
- тўқимачилик саноатининг иқтисодиётдаги улушини ошириш, мамлакатда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотларининг, энг аввало, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош тўқимачилик маҳсулотларини юқори технологик ишлаб чиқаришга қайта йўналтириш орқали ҳажми ва сифатини ошириш;
- ташқи бозорларда талаб катта бўлган ва импорт ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматли газлама маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этиш;
- мавжуд хом ашё ва материалларни етиштиришдан бошлаб, унга дастлабки ишлов бериш, маҳсулотларни қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли тайёр тўқимачилик маҳсулоти чиқариш босқичигача бўлган ишлаб чиқариш интеграциясини назарда тутувчи ривожланишнинг кластер моделини амалга ошириш;
- тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини экспорт географиясини янада кенгайтириш ва жаҳон бозорларини босқичма-босқич эгаллаш ҳамда халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш даржасини ошириш ва бошқалар белгиланади.
Таъкидланишича, «Namangan textile» ва «Andijon textile» эркин иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатиш муддати, кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил қилади. Мазкур зоналар дирекциялари эркин иқтисодий зоналарнинг бутун фаолият кўрсатиши даврида солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилади.
Фармон лойиҳасида Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда эркин иқтисодий зоналар дирекцияларининг уставларини тасдиқлаган ҳолда улар фаолиятини ташкил этиш бўйича қарор қабул қилиши, Наманган ва Андижон вилоятлари ҳокимликлари Қурилиш вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда эркин иқтисодий зоналарининг бош режасини белгиланган тартибда ишлаб чиқилишини ва тасдиқланишини таъминлаши белгилаб қўйилган.
Мазкур фармоннинг ижросини назорат қилиш бош вазири Абдулла Арипов, Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдурахмонов зиммасига юклатилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда 1 ноябрдан хорижда ишлаб чиқарилган алоҳида товарлар вақтинча давлат харидларида иштирок этмаслиги, Бўстонлиқда лойиҳа қиймати 480 миллион доллар бўлган халқаро курорт ташкил этилиши ҳамда Наманганда Ўзбекистондаги энг йирик масжид, ҳунармандлар маркази ва савдо маркази қурилаётганлиги ҳақида хабар берилганди.