Тошкент шаҳар ҳокимига собиқ «Тоштурма» ҳудудидаги вазифалар бўйича сенатор сўрови юборилди
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раисининг ўринбосари Сайёра Абдукаримова томонидан собиқ «Тоштурма» ҳудудидаги хиёбон қурилиши юзасидан Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовга сенатор сўрови юборилди.
Хусусан, давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш, Тошкент шаҳрида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини янада жадаллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 мартда 220-ф-сонли фармойиши қабул қилинган.
Мазкур фармойишга асосан Юнусобод тумани Наманган кўчаси 1-уй манзилида жойлашган собиқ 1-сонли тергов ҳибсхонаси бино-иншоотлари ва унга тегишли ҳудуд Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилган. Мазкур ҳудудда барча зарур инфратузилмага эга замонавий хиёбон (дам олиш маскани) барпо этиш вазифаси юклатилган.
Бироқ орадан анча вақт ўтганига қарамай, фармойишда белгиланган вазифалар ижроси ҳанузгача тўлиқ таъминланмаган. Ҳозирда ушбу ер майдонлари қаровсиз ҳолатда қолаётгани, айрим қурилиш компаниялари томонидан эса ҳудуддан хусусий манфаатларда фойдаланишга бўлган уринишлар кузатилаётгани фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда, — дейилади хабарда.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раисининг ўринбосари Сайёра Абдикаримовадан Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовга сенатор сўрови юборилди.
Сенатор Тошкент шаҳар ҳокимидан мазкур ҳудуднинг ҳозирги ҳолати, фармойишда белгиланган вазифалар бажарилиши кечиккани сабаблари ҳамда тегишли ер майдонини ободонлаштириш ва замонавий хиёбон барпо этиш бўйича кўрилган амалий чоралар юзасидан асослантирилган тушунтириш беришни сўраган.