Ўзбекистонда 1 ноябрдан хорижда ишлаб чиқарилган алоҳида товарлар вақтинча давлат харидларида иштирок этмайди

Шавкат Мирзиёев 21 август куни «Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 ноябрдан:

  • устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларнинг умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 минг бараваридан юқори бўлган импорт товарлари харидларининг мақсадга мувофиқлиги ҳар чоракда кузатув кенгашлари томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилади;
  • хорижда ишлаб чиқарилган алоҳида товарлар, шунингдек, хорижий шахслар томонидан бажариладиган ишларнинг давлат харидларидаги иштироки вақтинчалик тақиқланади ва чегараланади;
  • давлат харидларидаги иштироки вақтинчалик тақиқланган ва чегараланган, хорижда ишлаб чиқарилган товарлар бўйича тендер (танлов) иштирокчилари таклифларини баҳолашда маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан импорт товарларининг CIP (Ўзбекистон) нархидан 15 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда преференция берилади.

2021 йил 1 январдан стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар учун товарлар (ишлар, хизматлар) харид қилишнинг алоҳида тартиблари бекор қилинади. 2020 йил 1 ноябрга қадар «cooperation.uz» порталида республикада ишлаб чиқарилаётган барча товарлар (ишлар, хизматлар)нинг техник кўрсаткичлари 10 та рақамли ТИФ ТН коди ва ишлаб чиқарувчиларга боғланиш маълумотлари билан биргаликда жойлаштирилади.

2021 йил 1 январдан хорижий мамлакатларда хавфли маҳсулотлар ҳақида тезкор хабар бериш ахборот тизимига киритилган маҳсулотларни «эркин муомалага чиқариш учун» божхона режимига расмийлаштириш тақиқланади.

2021 йил 1 январга қадар халқаро, минтақалараро ва хорижий стандартларни уларнинг асл тилидаги маҳсулотга талабларни ўзгартирмасдан худди шундай кўринишда қабул қилиш орқали 1995 йилгача тасдиқланган 5236 та стандарт «тартибга солувчи гилотина» усулида бекор қилинади.

2021 йил 1 январгача давлат инвестицияларини бошқаришни баҳолашнинг умум қабул қилинган тамойиллари (PIMA) асосида марказлашган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган инвестициявий лойиҳаларни тўлиқ ва узлуксиз мониторинг қилиш тизими жорий қилинади.

Қарор билан Давлат харидлари субъектларининг харид тизимини аудитдан ўтказиш жадвали тасдиқланди. Шунингдек, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси (янги таҳрирда) ишлаб чиқилади.

Aввалроқ Ўзбекистонда 1 августдан бошлаб айрим транспорт воситаларини олиб кириш учун акциз солиғи бекор қилиниши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, айрим транспорт воситаларига утилизация йиғими жорий этилиши хабар қилинган.

Янгиликлар