Роналду 2025 йилнинг энг кўп маош олувчи футболчиси деб топилди
Саудия Арабистонининг «Ал-Насср» клубининг португалиялик ҳужумчиси Криштиану Роналду, Forbes талқини бўйича 2025 йилнинг энг кўп маош олувчи футболчиси деб топилди.
Ушбу рейтингни тузишда иш ҳақи ҳам, ҳомийлик шартномалари, тадбирларда иштирок этиш ва бошқа манбалар каби майдондан ташқари фаолиятдан олинган даромадлар ҳам ҳисобга олинди.
Рўйхатнинг биринчи ўрнини Криштиану Роналду эгаллади. Португалиялик футболчининг даромади 280 миллион долларни ташкил этди. Шундан 230 миллион доллари майдонда, 50 миллион доллари майдондан ташқарига тоғри келади.
Иккинчи ўринда АҚШнинг «Интер Майами» жамоасида тўп сураётган аргентиналик ҳужумчи Лионель Месси жой олди. Унинг даромади 130 миллион доллар. Учинчи ўринга эса Саудия Арабистонининг «Ал-Иттиҳод» жамоаси ҳужумчиси, француз Карим Бензема 104 миллион доллар билан чиқди.