Андижонда профилактика инспектори хизмат вақтида пичоқланиб вафот этди

Андижонда профилактика инспектори хизмат вақтида маст фуқаро томонидан пичоқланиб вафот этди. Бу ҳақда ИBB матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов маълум қилди.

Қайд қилинишича, 1 июль куни соат 20:50 лар атрофида Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги «Юксалиш» маҳалласида оилавий можаро юзасидан келиб тушган мурожаатга асосан ҳудудий профилактика инспектори, катта лейтенант A. Абдувалиeв  ва маҳалла раиси воқеа жойига етиб борган.

Ички ишлар органлари маълумотига кўра, 1960 йилда туғилган фуқаро Ю. Холбозоров спиртли ичимлик таъсирида ўз яқинларига хўжалик пичоғи билан таҳдид қилган. Вазиятни барқарорлаштириш чоғида Холбозоров профилактика инспекторига пичоқ билан зарба берган.

Оғир тан жароҳати олган катта лейтенант А. Абдувалиeв шифохонага олиб кетилаётган вақтда вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «г» банди (ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсни қасддан ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи Холбозоров воқеа жойидан қочиб кетган, уни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича тезкор қидирув тадбирлари олиб борилмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу шахс тўғрисида маълумотга эга бўлган фуқаролардан 102 қисқа рақамига ёки энг яқин ички ишлар бўлимига мурожаат қилишни сўрамоқда.

Ҳодисалар