Ўзбекистонда сув хизматлари тарифи сиёсатида янги тартиблар ўрнатилмоқда

Сув соҳасидаги иқтисодий ва институционал бурилиш шаффофлик ва молиявий барқарорликка қаратилган

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 20 июль куни ичимлик ва оқова сув хизматларини янада яхшилаш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишган эди. Давлат раҳбарининг, янги фармони сув хўжалигини соғломлаштириш ва бозор иқтисодиёти қоидаларига ўтказишнинг шаффоф механизмларини белгилаб берди.

Тақдимотда, сув таъминоти корхоналарининг молиявий барқарорлигини таъминлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Амалдаги тарифлар хизматларнинг ҳақиқий таннархини тўлиқ қопламаётгани, ҳудудлар кесимида кескин фарқлар мавжудлиги соҳанинг инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.

Шу тариқа, давлат ва бизнес муносабатлари ҳамда тариф сиёсатида янги тартиблар ўрнатилмоқда:

• ваколат алоҳида комиссияга ўтади — 2027 йилдан тарифларни тасдиқлаш ваколати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясига ўтказилади;

• ягона ва бир хил тарифлар — магистрал сув таъминоти учун ягона улгуржи тариф ва бюджет ташкилотлари учун республика бўйича бир хил тарифлар жорий этилади;

• «Ичимлик суви — 2030» стратегияси — иқлим ўзгаришларига бардошли инфратузилма яратиш ва тизимни трансформация қилишни назарда тутувчи 2030 йилгача мўлжалланган Стратегия қабул қилинади.

Шунингдек, қарздорлик ва ҳисоб-китобда рақамли интеграция, яъни хисоблагичи йўқ истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар кадастр, ФҲДЁ ва ИИВнинг электрон архив маълумотлари асосида автоматик амалга оширилади.

Ўзбекистон