АҚШда жосусликда гумон қилинган Хитой фуқаролари ҳибсга олинди

АҚШ Адлия вазирлиги маълумотига кўра, Хитойнинг икки фуқароси жосусликда гумонланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда манбаларга таяниб AP хабар берди.

Улар АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари ва уларнинг базалари ҳақида махфий маълумотларни тўплаш, шунингдек, ҳарбий хизматчиларни Хитой Давлат хавфсизлик вазирлиги фойдасига ёллашга уринганликда айбланмоқда.

Иккала гумонланувчи 27 июнь куни Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) ва АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари Жиноят қидирув хизмати томонидан қўлга олинди — бири Орегон, иккинчиси Техас штатининг Хюстон шаҳрида.

Терговга кўра, айбланувчилар Хитой разведкасининг топшириғи асосида ҳаракат қилиб, АҚШ ҳарбий объектлари ҳақида маълумот тўплаган ва бу жараёнда молиявий операцияларни махфий тарзда амалга оширган.

ФҚБ директори Кеш Пателнинг таъкидлашича, бу ҳодиса Хитой Коммунистик партиясининг АҚШ институтларига кириб бориш ва уларнинг фаолиятига таъсир ўтказишга қаратилган кенг кўламли ҳаракатларининг бир қисмидир.

АҚШ ўз ҳудудида жосусликка ҳеч қачон муроса қилмайди, — деган Пател.

Расмийларга кўра, айбланувчилар илгари ҳарбий базаларга кириб, у ердаги шахсий маълумотлар акс этган эълонлар тахтасини суратга олган ва бу материалларни Хитой хавфсизлик хизматларига топширган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Жаҳон