Сувайш каналида нефть кемаси чўкиши оқибатида 4 киши ҳалок бўлди

1 июль куни Мисрда Сувайш каналига яқин «Гебел ал-Зеит» ҳудудида Аdam Marine 12 нефть кемаси чўкиб кетди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Ҳодиса оқибатида камида 4 нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлган, яна 4 нафари бедарак йўқолган.

Расмий маълумотларга кўра, ҳодисада жами 22 киши жароҳатланган. Улардан 4 нафари самолёт орқали, 18 нафари эса тез ёрдам машинасида шифохонага етказилган.

Миср Нефть вазирлиги воқеа тафсилотларини ўрганаётганини ва қутқарув ишларида тегишли органлар билан ҳамкорлик қилаётганини билдирган. Қизил денгиз губернатори Амр Ҳанафий ва Меҳнат вазири Муҳаммад Жибран воқеа жойига бориб, омон қолганлар ҳолидан хабар олган.

Денгиз флоти кемалари ҳозирда бедарак йўқолганларни қидириш ишларига жалб этилган.

Ҳодисанинг аниқ сабаблари ўрганилмоқда.

Жаҳон