АҚШ USAID дастурларини расман тўхтатди

1 июль куни АҚШ ҳукумати Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) фаолиятини расман тўхтатди. Бу ҳақда давлат котиби Марко Рубио маълум қилди.

Рубио USAID’нинг ёпилишини агентликнинг самарасиз фаолияти ва амалдаги маъмуриятнинг миллий манфаатларга устуворлик бериши билан изоҳлади.

Унинг сўзларига кўра, президент Доналд Трамп бошчилигидаги маъмурият USAID минглаб дастурларга сарфлаган харажатларни таҳлил қилган ва фаолияти давомида инфляцияни ҳисобга олган ҳолда $715 млрддан ортиқ маблағ сарфланганини аниқлаган.

Шунингдек, Рубио USAID орқали энг кўп ёрдам олган давлатларни АҚШ билан ҳамкорликдан бош тортганликда айблади. Унга кўра, 1991 йилдан буён $165 млрд ёрдам олган Африка давлатлари БМТда муҳим резолюциялар бўйича овоз беришда 29% ҳолатда АҚШни қўллаб-қувватлаган.

Қайд қилинишича, эндиликда USAID’нинг айрим функциялари АҚШ Давлат департаментига ўтказилади ва улар «кўпроқ жавобгарлик, стратегия ва самарадорлик» билан амалга оширилади. Янги ёндашув «ёрдам ўрнига савдо» тамойилига асосланади.

АҚШ расмийларига кўра, ривожланаётган мамлакатлар узоқ муддатли ҳомийлик ўрнига барқарор ўсишга хизмат қилувчи сармояларни афзал кўрмоқда.

Бу қарор АҚШда жиддий мунозараларга сабаб бўлди. Баъзи олимлар USAID ёпилиши глобал миқёсда ижтимоий ёрдам дастурларининг тўхтатилишига олиб келиб, 14 млн кишининг ҳаётига хавф солиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Жаҳон