Қозоғистон президенти давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон етакчиси Қасим-Жомарт Тоқаев 14-16 ноябр кунлари давлат ташрифи билан мамлакатда бўлади.

Ташриф дастурига мувофиқ, олий даражадаги музокаралар ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши ўтказилиши кўзда тутилган.
Кун тартибидаги асосий мавзу савдо, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари, маданий-гуманитар лойиҳалар каби устувор йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштириш.
Шунингдек, минтақавий ва глобал сиёсатнинг долзарб масалалари, кўп томонлама форматлар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилади.
Халқаро саноат кооперацияси маркази ва қатор қўшма лойиҳаларни ишга тушириш, Ўзбекистон – Қозоғистон стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар тўпламини имзолаш кўзда тутилган.
Тоқаев, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида ҳам иштирок этиши маълум қилинган.




