«Ўзчармсаноат» уюшмаси раиси лавозимидан озод этилди
Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзчармсаноат» чарм-пойабзал ва мўйна саноати корхоналари уюшмаси раиси Акбар Султоновни лавозимидан озод этди.

Давлат раҳбари тармоқ ва ҳудудларда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда сўзлаган маърузасида уюшма раҳбариятини соҳага инновациялар жорий этмаётгани, жойларда етарлича ишлар олиб борилмаётганини танқид қилди.
Хусусан, пойабзал ишлаб чиқаришда мода ва дизайн тез ўзгараётгани билдирилиб, корхоналар ҳозирдан замон талабига мос ҳолда ишламаса, нафақат ташқи, балки ички бозорда ҳам рақобат қила олмаслиги таъкидланди.
Натижада «Ўзчармсаноат» уюшмаси раҳбарияти соҳага янгилик олиб кирмагани, пастга тушиб ишламагани танқид қилинди.
Пойабзал ишлаб чиқарадиган 972 та корхонадан 378 таси фаолиятини тўхтатган бўлса, яна 120 таси қувватини ярмидан ҳам фойдаланмаяпти. Қолип, боғич, фурнитура бўйича ҳалигача импортга боғлиқлик бор, — дейилади хабарда.
Оқибатда ўтган йили экспорт бўйича ваъда қилган 250 млн долларнинг 40% ҳам таъминлангани йўқ. Уюшманинг бу йилги ишлаб чиқариш ва экспорт режаси ҳам қониқарсиз экани кўрсатиб ўтилди.
Шу муносабат билан «Ўзчармсаноат» уюшмаси раиси А.Султоновни лавозимидан озод этишга кўрсатма берилди.





