Шавкат Мирзиёев телефон орқали Жавоҳир Синдоровни ғалаба билан табриклади
Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро шахмат федерациясининг Номзодлар турнири ғолиби Жавоҳир Синдоров билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлат раҳбари ёш гроссмейстерни Ўзбекистон шахмат тарихида биринчи марта мазкур нуфузли мусобақада зафар қозониб, том маънодаги тарихий ғалабага эришгани билан самимий табриклади.
Суҳбатда Жавоҳир Синдоров ушбу турнирда илгари ҳеч ким ета олмаган юксак маррани забт этгани, 13 та ўйинда 6 маротаба ғалаба қозонгани спорт оламида камдан-кам учрайдиган ноёб ҳодиса экани алоҳида таъкидланди. Президент ёш гроссмейстер дунёнинг энг донгдор шахматчиларига қарши ҳар бир баҳсда катта жасорат ва маҳорат билан дона суриб, кучли ирода, юксак интеллектуал салоҳият ва қатъият фазилатларини намоён этганини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев энди Жавоҳир Синдоров олдида жаҳон тожи учун ҳал қилувчи ва шарафли беллашув турганини қайд этиб, бўлажак ўйинларда унга янада улкан омад, куч-ғайрат ва янги зафарлар тилади. Синдоров юксак эътибор, самимий қутлов ва билдирилган ишонч учун президентга чуқур миннатдорлик билдирди.
Суҳбатда жорий йил Самарқанд шаҳрида ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Жавоҳир Синдоровнинг иштироки, шубҳасиз, жамоамизга катта руҳ ва ишонч бағишлаши қайд этилди.





