Тошкентдаги Халқлар дўстлиги саройи олдига ўрнатилган реклама баннерлари олиб ташланди
Тошкентдаги «Халқлар дўстлиги саройи» ҳудудида давлат назорати мониторинг ишлари олиб борилди, деб хабар берди Маданий меросни муҳофаза қилиш агентлиги матбуот хизмати.

Хусусан, маданий мерос объектларида мониторинг жараёнида аниқланган ўрганишлар натижасида мазкур маданий мерос объектида реклама баннерлари ҳеч қандай рухсатсиз, ўзбошимчалик билан ўрнатилгани аниқланган.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 26-моддасида ташқи реклама ва ахборот объектларига (конструкцияларига) доир асосий талаблар белгилаб берилган. Унга кўра, моддий маданий мерос объектларида ташқи рекламани жойлаштириш тақиқланади.
Натижада, ҳолат юзасидан ноқонуний баннерлар зудлик билан олиб ташланиб, масъулларга нисбатан тегишли чоралар кўриш бўйича огоҳлантириш берилган.





