Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон маданият ва санъат ходимларини табриклади
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон маданият ва санъат ходимларини табриклади. Табрик матни давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун санъатсевар халқимизни 15 апрель – Маданият ва санъат ходимлари куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Ушбу қутлуғ айёмда ўзининг бетакрор истеъдоди, билим ва маҳорати билан эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилиб келаётган санъат усталари ва ёш ижрочиларга, барча соҳа ходимларига фидокорона меҳнати учун самимий миннатдорлик билдирамиз, — деди президент.
Давлат рахбари сўнгги йилларда мамлакатда барча соҳалар қатори маданият ва санъат тизимини замонавий талаблар асосида ривожлантириш бўйича ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини билдирди. Натижада соҳанинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланиб, ходимларнинг ижодий меҳнати муносиб рағбатлантирилмоқда.
Шунингдек, театр, кино, музей ва маданий тадбирлар, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати изчил яхшиланмоқда. Замонавий бошқарув механизмлари жорий этилиб, давлат-хусусий шериклик асосида янги ижодий лойиҳалар, рақамли технологиялар ва илғор тажрибалар амалиётга татбиқ этилаётгани, маданий контент яратиш кўлами кенгайиб бораётгани маданият муассасалари фаолиятида самарадорлик ва жозибадорликни янада оширишга хизмат қилмоқда.
Қайд этилишича, кейинги йилларда мамлакатда 2 та театр, 19 та маданият маркази, 16 та музей, 20 та мусиқа ва санъат мактаби ҳамда ушбу йўналишда 5 та олийгоҳ ташкил этилган, кўплаб муассасалар замонавий жиҳозлар билан таъминланди, 125 та тарихий-маданий мерос объектида уларни асраш ва тиклаш бўйича зарур ишлар амалга оширилган.
Ўтган йили тасвирий ва амалий санъат соҳасини янада ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилдик. Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Миллий музейи биноси қурилиши бошланди. Жорий йилда эса Марказий кўргазмалар зали, Бадиий кўргазмалар дирекцияси фондининг биноси, Павел Беньков номидаги рассомлик мактабида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилади, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чоралар кўрилади.
Яна бир муҳим жараён – ўзбек маданий дипломатияси изчил ривожланмоқда. Нуфузли халқаро форумлар, танловлар, фестиваллар ҳамда маданият кунлари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Хусусан, ўтган йили Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг сессияси, Бухорода Биринчи халқаро замонавий санъат биенналеси, Нукусда Орол маданияти саммити, Хоразмда Туркий дунё маданият форуми, Тошкентда эса Марказий Осиё ва Озарбайжон маданият вазирларининг биринчи учрашуви юқори савияда ташкил этилди.
Шу билан бирга, бугунги кунда маданият ва санъат соҳасини маънавий тарбия воситаси ва креатив иқтисодиётнинг муҳим тармоғи сифатида ривожлантириш, ижодий индустрияни қўллаб-қувватлаш, маданий хизматлар бозорини тараққий эттириш, санъат маҳсулотлари экспортини кенгайтириш долзарб вазифа бўлиб қолаётгани таъкидланди. Янги ташкил этилаётган Креатив индустрия парки айни шу мақсадларга хизмат қилиши билдирилди. Бу борада катта марра олиб, 2030 йилгача креатив иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 5% етказиш белгиланди.
Албатта, бу улкан режа ва ташаббусларни амалга оширишда сиз, жонкуяр ва фидойи инсонларнинг ўрни беқиёсдир. Сизларнинг билимингиз, тажрибангиз ва ижодий салоҳиятингиз миллий маданиятимизни янги босқичга олиб чиқишига ишончим комил. Биз бундан буён ҳам соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижодий ва техник ходимлар меҳнатини муносиб қадрлашга устувор аҳамият қаратамиз. Сизларни бугунги касб байрамингиз билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, янги ижодий ютуқлар, хонадонларингизга тинчлик ва файзу барака тилайман, — деди президент.




