Тошкент аэропортида спорт озуқаси ниқоби остида синтетик наркотиклар аниқланди
Тошкент халқаро аэропортида спорт озуқаси ниқоби остида синтетик гиёҳванд моддаларни олиб ўтмоқчи бўлганлар ушланди, деб хабар берди Божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, божхонадан «яшил» йўлак орқали ҳаракатланган ушбу шахснинг сумкасида спортчилар озуқаси сифатида истеъмол қилинадиган 2 қути биологик фаол қўшимчалар божхоначиларнинг диққатини тортган.
Мазкур қутиларга қадоқланган капсулалар аслида оқ рангда ишлаб чиқарилади. Ва қадоғига кўра, уларда жами 760 дона капсула бўлиши лозим эди. Аммо, ҳар иккала қутидаги жами капсулалар сони 920 донани ташкил қилди. Боз устига, капсулалар ҳам оқ рангда эмас, балки сариқ ва қизил рангларда эди. Бу эса қутиларга жойланган капсулалар қўлбола тарзда қадоқланганини англатади, — дейилади хабарда.
Лаборатория хулосасига кўра, мазкур капсулаларга жойланган модда Альфа PVP туридаги синтетик наркотик модда эканлиги фош бўлади.
Қайд этилишича, мазкур гиёҳвандлик воситаларининг қора бозорида чакана нархи 350 минг доллларгача етади.
Шундан сўнг, тезкор тадбир Юқоричирчиқ туманида давом эттирилиб, ушбу йўловчи кейинчалик «закладка» усулида тарқатиш учун мўлжалланган гиёҳвандлик воситасини яшириб кетган манзил-ҳавола ҳам аниқланади.
Ушбу манзил белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирлиганида, 1 дона полиэтилен пакет кўмиб қўйилгани фош бўлади. Унда эса бир неча бўлакларда оғирлиги тахминан ярим килограм «гашиш» моддаси борлиги аниқланади.
Ҳозирда, ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.





