Колумбиядаги авиаҳалокатда 15 киши ҳалок бўлди

Колумбияда экипаж аъзолари ва йўловчилар бўлган Beechcraft 1900 йўловчи самолёти қулади. Авиаҳалокат натижасида барча бортдагилар ҳалок бўлди, деб хабар берди ТАСС.

SEARCA компанияси томонидан эксплуатация қилинаётган самолёт бортида жами 15 нафар инсон бўлган. Жумладан, 13 нафар йўловчи ва 2 нафар экипаж аъзоси.

Хусусан, «Кукута — Оканья» йўналиши бўйича NSE 8849 рейсини амалга ошираётган само 28 январь куни соат 21:54 да (Тошкент вақти билан) ҳаво ҳаракатини бошқариш хизмати билан сўнгги бор алоқага чиққан. Ҳаво кемаси манзилга тахминан соат 22:05 да (Тошкент вақти билан) қўниши керак эди.

Beechcraft 1900 самолёти парчалари Плая-де-Белен  муниципалитетининг тоғли ҳудудида аниқланди. Қидирув ишлари Колумбия Ҳарбий-ҳаво кучларини бошқариш маркази ҳамда Фуқаролик авиацияси бошқармаси билан ҳамкорликда олиб борилган.

Авиаҳалокат оқибатида ҳеч ким тирик қолмади. Қурбонлар орасида Колумбия Конгресси Вакиллар палатаси депутати Диоген Кинтеро, шунингдек депутатликка номзод Карлос Сальседо ҳам бор.

Жаҳон