«Samarkand-2028» сунъий йўлдоши орбитага муваффақиятли чиқарилди
Старт Хитойнинг Шандун провинцияси қирғоқлари яқинидаги платформадан амалга оширилди

STAR.VISION компанияси Хитойнинг Шандун провинцияси қирғоқлари яқинидаги денгиз старт платформасидан «Samarkand-2028» ва «Lampung-1» гиперспектрал сунъий йўлдошларини муваффақиятли учирди. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон тарихидаги энг йирик халқаро космик лойиҳалардан бири бўлиб, миллий космик дастур ривожида янги босқични бошлаб берди. Шунингдек, у Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги илмий-технологик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, «Samarkand-2028» миссияси қишлоқ хўжалиги, экология, табиий ресурслар мониторинги, сув ресурсларини бошқариш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, шаҳарсозлик ва бошқа стратегик муҳим йўналишларда коинот технологияларини қўллаш имкониятларини кенгайтиради.





