Тошкентда 4,7 млрд сўмлик бюджет маблағлари кэшбек сифатида талон-торож қилинди

Гумонланувчилар сотиб олинган товарлар ҳақида сохта маълумотларни расмийлаштиришган ва сохта чекларни тарқатишган

Тошкентда кэшбек тизими орқали бюджет маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди, хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати.

Жумладан, ўтказилган терговга қадар текширувда G.M. МЧЖ масъул шахслари компьютер техникаси воситаларидан фойдаланган ҳолда гўёки 76,2 млрд сўмлик маҳсулотлар харид қилганлиги юзасидан сохта маълумотлар расмийлаштирган.

Улар савдодан тушган пулларни назорат касса машиналари орқали кирим қилиб, фуқароларга сотилганлиги ҳақида сохта харид чекларини чиқариб, ушбу чекларни Telegram ижтимоий тармоғи орқали 2 475 нафар ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган шахсларга 70-150 минг сўмдан сотиб, 7,5 млрд сўм Soliq Mobile иловаси орқали кэшбек сифатида ҳисобланиб, шундан 4,1 млрд сўм тўлаб берилиб, бюджет маблағларини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Шу каби, Департаментнинг Чилонзор тумани бўлими томонидан Солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда E.G. ва I.F. МЧЖларнинг масъул шахслари ўзаро тил бириктириб, компьютер техникаси воситаларидан фойдаланган ҳолда гўёки 10 млрд сўмлик маҳсулотлар харид қилганлиги юзасидан сохта маълумотлар расмийлаштирган.

Натижада, ушбу шахслар савдодан тушган пулларни назорат касса машиналари орқали кирим қилиб, фуқароларга сотилганлиги ҳақида сохта харид чекларини чиқариб, ушбу чекларни Telegram ижтимоий тармоғи орқали 1 812 нафар ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган шахсга 100-150 минг сўмдан сотиб, 1 млрд сўм Soliq Mobile иловаси орқали кэшбек сифатида ҳисобланиб, шундан 640,8 млн сўм тўлаб берилиб, бюджет маблағларини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ўзбекистон