Тошкентнинг 10 та туман ҳокимига нисбатан хизмат текшируви ўтказилади

Антикор тақдимномаси текширув ўтказишга асос бўлди, ҳужжат билан махсус шаҳар комиссияси таркиби тасдиқланди

Тошкентда ўн та туман ҳокимига нисбатан хизмат текшируви ўтказилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг фармойишида айтилган.

Текширув ўтказишга коррупцияга қарши курашиш агентлигининг тақдимномаси асос бўлди.

Хусусан, текширув Бектемир, Миробод, Мирзо Улуғбек, Олмазор, Сергели, Учтепа, Чилонзор, Шайхонтоҳур, Юнусобод ва Яшнабод туманлари ҳокимларига дахлдор бўлади.

Ҳужжат билан махсус шаҳар комиссияси таркиби тасдиқланди. Унга агентлик тақдимномасида келтирилган важларни холисона ўрганиб чиқиш ва тегишли хулосаларни расмийлаштириш топширилди.

Зарурат туғилганда текширувга соҳавий ташкилот ва идоралар мутахассислари жалб этилиши мумкин.

Ўзбекистон