Тошкент светофорларида яна бир «Яшил тўлқин» ишга туширилди
Мутахассислар Кичик ҳалқа автомобиль йўлининг Боғибўстон кўчаси билан кесишган жойидан «Чилонзор» метро бекатигача бўлган қисмидаги бешта светофор ишини ҳисоблаб чиқдилар ва ўзаро мувофиқлаштирди

Тошкентда «Яшил тўлқин» тизимининг яна бир участкаси ишга туширилди, хабар беради Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази матбуот хизмати.
Мутахассислар Кичик ҳалқа автомобиль йўлининг Боғибўстон кўчаси билан кесишган жойидан «Чилонзор» метро бекатигача бўлган 1,7 км масофадаги бешта светофор объекти ишини ҳисоблаб чиқдилар ва ўзаро мувофиқлаштирди.
Мазкур йўл қисмида илк бор «Яшил тўлқин»нинг ягона режими сутка давомида бир вақтнинг ўзида ҳар икки йўналишда ишламоқда. Бундай тартибни жорий этиш транспорт оқимининг икки йўналишда ҳам деярли бир хил эканлиги туфайли имконли бўлган.
Светофорлар синхронлаштирилгунга қадар ушбу йўл қисмини босиб ўтиш учун ўртача 5 дақиқа талаб этилган. Тизим жорий этилгач, йўлга сарфланадиган вақт 2 дақиқа 45 сониягача, яъни 45 %га қисқарди.
Қайд этилишича, белгиланган 40–60 км/соат тезлик меъёрига риоя қилинганда, ҳайдовчилар чорраҳаларда светофорнинг тақиқловчи сигналида тўхтамасдан, йўл бўйлаб бир маромда ҳаракатланиши мумкин.





