Саида Мирзиёева фарзандларни ҳайвонларга нисбатан ҳурмат руҳида вояга етказишга чақирди
Эндиликда бундай қилмишлар учун маъмурий жарималар икки баравар оширилиши билдирилди

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлганларга нисбатан жорий йилнинг 28 июнидан кескин жазо чоралари кучга кирганини таъкидлади.
Эндиликда бундай қилмишлар учун маъмурий жарималар икки баравар оширилиши билдирилди. Бундан ташқари, ҳуқуқбузарларга нисбатан 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши мумкин.
Бу турдаги ноқонуний хатти-ҳаракатларни қилишда давом этган шахслар эса жиноий жавобгарликка тортилиб, озодликдан маҳрум қилиниши назарда тутилмоқда.
Саида Мирзиёеванинг сўзларига кўра, бундай қонунлар айбдорларни жазолаш учунгина қабул қилинмайди. Улар жамият қандай тартиб ва қадриятларни ҳамма учун бирдек мажбурий деб ҳисоблашини ҳам намоён этади.
Барчамиз зўравонликка муросасиз муносабатда бўлсаккина, жамиятимизда хавфсизлик ҳукм суриши мумкин. Аллоҳ яратган ҳар бир мавжудотнинг қадри бор, ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик учун жазонинг кучайтирилиши жамиятда шу қонуниятга бўйсунадиган соғлом муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.
Биз айнан шундай дунёда яшашни ва фарзандларимизни худди шу руҳда вояга етказишни истаймиз. Ўзгалар ҳаётига ҳурмат болаликдан бошланади. Бу борада асосий масъулият ота-оналарнинг зиммасида. Айнан улар ожизларга озор етказиш мумкин эмаслигини, одам ўз кучини шафқатсизлик орқали намоён этиши нотўғри эканини фарзандларига ўргатадилар. Мен ота-оналарни ушбу муҳим ҳақиқатни доимо эсда тутишга чақираман, — деди Мирзиёева.





