Россия байроғи тасвирланган гиламчани тўшаган ўзбекистонлик аёл ватанга қайтарилади

Фуқаро 6 август куни Ўзбекистонга жўнатилади

Нижегород вилоятида ўтказилган рейд чоғида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан Россия байроғи акс эттирилган гиламча аниқланган Ўзбекистон фуқароси ватанига юборилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миграция агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда Россия Федерациясининг Нижегород вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этган ҳолатлар акс этган видеолавҳалар тарқалган эди.

Шундан сўнг, мазкур ҳолат Миграция агентлиги томонидан зудлик билан назоратга олинган.

Агентликнинг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Россиянинг тегишли давлат органлари билан ҳамкорликда воқеа юзасидан барча ҳолатларга аниқлик киритиш, шунингдек, Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Видеолавҳада иштирок этган Ўзбекистон Республикаси фуқароси М.С. билан алоқа ўрнатилган. Унга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.

Шунингдек, Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан фуқаронинг Ўзбекистонга қайтиши учун авиачипта расмийлаштирилди. Унинг жорий йил 6 август куни Ўзбекистонга қайтиши режалаштирилган.

Ўзбекистон