Фарғонада ЙПХ инспектори маст ҳайдовчи томонидан уриб кетилиб вафот этди
Ҳайдовчи тўхташ ҳақидаги талабга бўйсунмай, ходимни уриб юборган. Инспектор шифохонада вафот этган

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди, оқибатда ЙПХ ходими ҳалок бўлди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ҳодиса, 2026 йил 31 июль куни соат тахминан 23:30 ларда Ўзбекистон тумани «Ўқчи» МФЙ ҳудудидан ўтувчи 40V064 автомобиль йўлининг 20-километрида аянчли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Хусусан, 1996 йилда туғилган ҳайдовчи А.Э. маст ҳолда Spark русумли автомашинани бошқариб келаётиб, тунги хизматни олиб бораётган Фарғона вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати ЙҲХБ 2-минтақавий ҳудуд ЙПХ отряди 3-сафарбар гуруҳи ЙПХ катта инспектори, сержант Хайитбек Каримжоновнинг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмасдан уни уриб юборган.
Оқибатда сержант Хайитбек Каримжонов оғир тан жароҳатлари билан шифохонага олиб борилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, у жонлантириш бўлимида вафот этган.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми ва 117-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Сержант Хайитбек Каримжонов 2022 йилдан ИИОда хизмат қилган. Унинг ортидан онаси, аёли ва 2 нафар фарзандлари қолди.





