Ўзбекистонда тезликни 80 км/соатдан оширганлик учун транспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш таклиф этилди

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда жазонинг янги тури — автомототранспорт воситасини вақтинча олиб қўйиш пайдо бўлиши мумкин

Ўзбекистонда янги маъмурий жазо тури сифатида автотранспортни вақтинча олиб қўйиш таклиф этилди. Тeгишли қонун лойиҳаси ЎзЛиДеП фракцияси депутатлари томонидан муҳокама қилинди.

Лойиҳага кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда янги «автомототранспорт воситасини вақтинча олиб қўйиш» жазо чораси жорий этилади. Айрим қўпол қоидабузарликларни содир этган шахсларнинг транспорт воситалари суд қарори асосида 6 ойдан 1 йилгача муддатга жарима майдонига жойлаштирилиши мумкин.

Лойиҳада вояга етмаган шахсга транспорт бошқаришни топшириш, ноқонуний пойгаларда иштирок этиш, тезликни кескин ошириш, маст ҳолда транспорт бошқариш каби ҳолатлар учун жавобгарликни кучайтириш назарда тутилмоқда.

Жумладан, тезликни белгиланган меъёрдан 80 км/соатдан ортиқ ошириш учун транспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва 26,8 миллион сўмгача жарима қўллаш таклиф этилмоқда. Вояга етмаган шахсга транспорт бошқаришни топшириш оғир оқибатларга олиб келган ҳолларда эса жиноий жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, йўл безорилиги, маст ҳолда транспорт бошқариш, ноқонуний пойгалар ташкил этиш ва бошқа хавфли ҳаракатларга нисбатан таъсир чораларини кучайтириш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон