Экстремистик жиноят бўйича халқаро қидирувда бўлган эркак Варшавадан Тошкентга экстрадиция қилинди
Ушбу шахс экстремизм билан боғлиқ жиноят содир этгани учун халқаро қидирувга берилган

Интерпол линияси бўйича халқаро қидирувда бўлган эркак Варшавадан Тошкентга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хусусан, ушбу шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-2-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланиб, халқаро қидирувда бўлган.
Жиноят иши қўзғатилгач, айбланувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудини тарк этиб, узоқ вақт давомида хорижда яшириниб юрган, шу сабабли Интерпол каналлари орқали халқаро қидирувга берилган.
Интерполнинг Тошкент ва Варшава ММБларининг мувофиқлаштирилган ҳаракатлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Полша Республикасидаги Элчихонаси вакилининг бевосита иштирокида қидирувдаги шахснинг турган жойи аниқланди, шундан сўнг халқаро ҳамкорлик ва экстрадиция жараёни доирасида унинг Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги ММБ ходимларига топширилиши таъминланди, — дейилади хабарда.
Экстрадиция икки давлат ваколатли органларининг самарали ҳамкорлигининг навбатдаги натижаси ва жиноий таъқибдан яшириниб юрган шахсни қидириб топиш ва қайтариш бўйича халқаро полиция ҳамкорлигининг юқори самарадорлигини яна бир бор тасдиқлаши айтилди.
Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси мамлакат ташқарисига яширинишга уринишлар қидирувдаги шахсларнинг қаерда бўлишидан қатъи назар, жиноий жавобгарликдан қочиш имконини бермаслигини, халқаро полиция ҳамкорлигида улар аниқланиб, жавобгарликка тортилиши билдирилди.





