Сурхондарёда 100 йиллик дарахтлар ноқонуний қўпориб ташланди
Ҳозирда етказилган экологик зарар миқдори баҳоланмоқда, шунингдек, айбдор шахслар аниқланмоқда

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида дарахтларнинг илдизи билан суғуриб олиниши ва шикастланиши ҳолатлари аниқланди, деб хабар бермоқда Экология қўмитаси матбуот хизмати.
Ҳолат, 3-август куни Сариосиё тумани Сангардак маҳалласидаги Узун ўрмон хўжалигига қарашли ер майдонида қайд этилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, бу ишлар ҳеч қандай рухсатсиз, экология ходимларининг огоҳлантиришларига қарамай амалга оширилган.
Айни дамда дарахтларга етказилган экологик зарар миқдорини аниқлаш, қурилиш ишларининг амалдаги экологик қонунчилик талабларига мувофиқлигига ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда айбдор шахсларни белгилашга доир ўрганишлар олиб борилмоқда.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 11 туп қарийб 100 йиллик Зарафшон арчаси қўпорилгани аниқланган.
Тўлиқ ўрганиш натижаларидан сўнг ҳуқуқбузарларга нисбатан амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ қатъий чоралар қўлланиши билдирилди.





