Тошкент вилоятида аёл фарзандининг таглигида олтин олиб чиқишга уринди
Бошқа бир ҳолатда, чет эл фуқароси қизининг кийими остига яширилган 40 минг долларни олиб чиқиб кетишга уринганда тўхтатиб қолинди

Ўзбекистонда аёл ўз фарзандининг таглигида тиллани ноқонуний олиб чиқиб кетишга уринди, хабар беради Божхона қўмитаси матбуот хизмати.
Хусусан, Тошкент вилояти божхона бошқармасининг «Навоий» чегара божхона постида ана шундай уринишларга чек қўйилди.
Жумладан, мазкур пост орқали мамлакатдан чиқиб кетаётган аёллардан бири гўдак фарзандининг таглиги орасига салкам 200 гр. оғирликдаги 2 дона тилла қуймани яширганча олиб чиқишга урингани фош бўлган.
Шу билан бирга, аёлнинг ёнидан ҳам божхона назоратига тақдим қилинмаган 70 гр. оғирликдаги заргарлик буюмлари борлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатда мамлакатдан яширинча олиб чиқишда тўхтатилган тиллаларнинг жами қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 450 млн. сўмни ташкил қилди.
Яна бир ҳолатда, республикадан чиқиб кетаётган қўшни давлат фуқароси ўзининг 14 ёшли қизидан фойдаланиб, унинг эгнидаги кийимлари остидан 40 минг АҚШ долларини яшириб олиб чиқмоқчи бўлган вақтида тўхтатиб қолинган.
Таъкидланишича, вояга етмаган шахсни ҳуқуқбузарликка тортиш маъмурий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида қаралади.
Яъни, вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга жалб қилиш базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Агар, вояга етмаган шахсни жиноят содир этишга жалб қилинса, у ҳолда беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона суриштирувлари давом эттирилмоқда.





