Тошкентда 3 млрд сўмлик сифатсиз дори савдоси билан шуғулланган ота-бола ушланди
Тошкентда сифат сертификатига эга бўлмаган дори воситалари савдоси билан шуғулланувчи шахслар фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Жумладан, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1969 ва 1997 йилларда туғилган ота-бола ўз яшаш хонадонида айланма йўллар орқали олиб келинган дори воситаларини сақлашга мўлжалланган яширин омбор ташкил қилиб, у ерда дори воситаларини сақлаш ҳамда дорихоналарга ўтказиш билан шуғулланишган.
Тезкор тадбир давомида қонунбузарларга тегишли хонадон ва автомобиль кўздан кечирилганда, асосан Туркия ва Ҳиндистон давлатларида ишлаб чиқарилган «Дюспаталин», «Новомикс», «Гальвус МЕТ»каби 87 турдаги, жами 133 374 дона, тахминий қиймати 3 млрд сўмдан ортиқ бўлган дори воситалари ҳамда 50 минг АҚШ доллари, 10,6 млн сўм ва 150 нафар шахсга тегишли бўлган банк пластик карталари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилиб олинди, — дейилади хабарда.
Ҳозирда дори воситалари намуналари экспертизадан ўтказиш мақсадида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига юборилган. Терговга қадар текширув давом этмоқда.





