Ўзбекистонда Ҳаж мавсумининг бошланиш санаси маълум қилинди
Ўзбекистонда Ҳаж мавсуми 2-май куни бошланиб, 18-майга қадар давом этади, деб хабар қилди Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, зиёратчилар мамлакатнинг 9 та ҳудуди – Тошкент, Наманган, Фарғона, Андижон, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Термиз ва Урганч шаҳарларидаги аэропортлардан Мадина шаҳрига тўғридан-тўғри учади.
Хусусан, фуқароларни Мадина шаҳрига етказиш Саудия Арабистонининг FlyAdeal авиакомпанияси томонидан, ҳожиларни она-Ватанимизга олиб келиш эса Uzbekistan Airways томонидан амалга оширилади.
Ҳозирда ҳаж тадбирларини ташкил этиш бўйича қуйидаги тайёргарлик ишлари амалга оширилган:
• зиёратчилар тиббий кўрикдан ўтказилиб, менингит касаллигига қарши эмланди;
• бўлғуси ҳожиларнинг расмий ҳаж визалари ва бошқа зарур ҳужжатларни расмийлаштириш якунланди;
• зиёратчиларга гуруҳ раҳбарлари бириктирилиб, сафар олди машғулотлари ўтказилмоқда.
Айни пайтда Саудия Арабистонида бўлиб турган «Ҳаж – 2026» мавсуми илк ишчи гуруҳлари ҳамкор ташкилотлар билан бирга меҳмонхоналар, Мино ва Арофот водийларида зиёратчилар ибодатларини адо этиши учун шароитлар тайёрлаш бўйича иш олиб бормоқда.





