Оҳангаронда патруль-пост хизмати ходими вояга етмаган қизларни машинага ўтқазиб шилқимлик қилганликда айбланмоқда
Ижтимоий тармоқларда патрул-пост хизмати ходимининг вояга етмаганларга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлари тўғрисида маълумотлар тарқалди. Ҳолат юзасидан ИИВ Жамоат хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати изоҳ берди.

Ҳодиса Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида содир бўлган. Жабрланувчининг сузларига кура (2011-йилда туғилган) 27-апрель куни кечқурун у дугонаси билан ҳовли яқинида ўтирганида, уларнинг олдига маҳсус форма кийган патрул-пост хизмати ходими келиб, Spark машинасига ўтиришини сўраган.
Эркак ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходими кийимида бўлганлиги ва машинага ўтиришни қатъий талаб қилганлиги сабабли, қизлар рози бўлишган. Шундан сўнг, у қизларни тоғ томонга олиб бориб, машинани ўчирган ва таъкидланишича, уларга шилқимлик қила бошлаган.
Қизлардан бири ўз геолокациясини юборишга улгурган. Унинг акаси дўстлари билан воқеа жойига етиб бориб, машинани топишган. Эркак машина эшикларини қулфлаб, тўхтатишга йўл қўймаган ва воқеа жойидан қочишга уринган.
Шундан сўнг, ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлигининг Ички хавфсизлик бошқармаси прокуратура билан ҳамкорликда зудлик билан суриштирув ишларини бошлаган. Натижада, ҳодисанинг барча иштирокчилари ва ҳолатлари аниқланган.
Нашрларда тилга олинган ходим ўз хизмат вазифасидан четлаштирилди. Агарда даъво қилинаётган ҳаракатлар ўз тасдиғини топса, ходимга нисбатан қатъий қонуний чоралар кўрилади, жумладан, у жиноий жавобгарликка тортилади, — дейилади хабарда.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг, айниқса, вояга етмаганларга нисбатан ҳар қандай қонунга хилоф хатти-ҳаракатларига йўл қўйиб бўлмаслиги ва оғир жазога сабаб бўлишини алоҳида таъкидланди.
Текширув натижалари юзасидан қўшимча маълумот берилиши маълум қилинди.




