Венгрияда оғир молиявий вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди

Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари хорижда меҳнат қилаётган ватандошларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида изчил иш олиб бормоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» агентлиги.

Жумладан, Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчихонаси консуллик бўлимига фуқаро А.Д. мурожаат қилиб, ватанга қайтишда амалий ёрдам сўраган.

Маълум бўлишича, у оғир вазиятга тушиб қолишига иш берувчининг ўз мажбуриятларини керакли даражада бажармагани сабаб бўлган.

Хусусан, иш берувчи томонидан зарур ҳужжатлар расмийлаштирилмагани оқибатида у ҳуқуқий ва молиявий қийинчиликларга дуч келган ҳамда мустақил равишда Ўзбекистонга қайтиш имкониятидан маҳрум бўлган.

Шундан сўнг, мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида элчихона ходимлари тегишли ташкилотлар, жумладан Миграция агентлиги вакиллари билан ҳамкорликда тезкор чора-тадбирларни амалга оширган.

Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистоннинг хорижда меҳнат қилаётган фуқароларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бепул авиачипта харид қилинган. Шу тариқа, фуқаро соғ-омон мамлакатга қайтарилган.

 

Ўзбекистон