Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятини ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди
Президент Шавкат Мирзиёев 28 апрель куни Фарғона шаҳрида Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Давлат раҳбари аввало кейинги йилларда ҳудуд иқтисодиётида рўй берган ўзгаришларга тўхталиб ўтди.
Маълум бўлишича, сўнгги йилларда вилоятда 8 млрд 200 млн доллар инвестиция ҳисобига 8 мингта замонавий қувват ишга туширилди.
Тадбиркорлик учун 100 триллион сўм ресурс йўналтирилди, тижорат майдонлари 10 миллион квадрат метрга кўпайди. 13,5 минг кичик ва ўрта корхона ташкил этилиб, уларнинг сони қарийб 2 карра ошди.
Натижада ялпи ҳудудий маҳсулот 1,7 баробарга, саноат 1,5 баробарга, хизматлар 3 баробарга ўсди. Асосийси, сўнгги тўрт йилда ишсизлик 9,2%дан 4,6%га, камбағаллик даражаси эса 11,6%дан 5,2 % тушди.
Шунингдек, аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш бўйича ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда. Марғилондаги Ипакчи ва Қиргули маҳаллаларида 241 та эски ҳовли ўрнида 2,5 минг хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилди.

Наврўз маҳалласида қурилаётган «Янги Ўзбекистон» массивига бу йил яна 6,5 минг оила кўчиб киради. Бундай ишлар Ёзёвон, Қува туманлари, Қўқон ва Фарғона шаҳарларида ҳам давом этмоқда.
Сўнгги ўн йилда вилоятда 74 минг ўринли мактаб, 145 минг ўринли боғча ва 3 минг койкали шифохоналар ишга туширилди. 167 та хусусий мактаб ташкил этилиб, уларда 40 мингдан ортиқ ўқувчи таълим олмоқда. Таълим сифати ошгани натижасида ёшларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи бўйича Фарғона республикада 3-ўринга кўтарилди.
Фарғона аҳли биздан янада катта натижа кутяпти, – деди Президент.
Шу боис, жорий йил вилоятда иқтисодиётни 9,1%га, саноатни 9%га ўстириш, 4,5 млрд доллар хорижий инвестиция жалб этиш, экспортни 2 карра кўпайтириб, 2 млрд долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда Фарғона давлат идоралари, саноат, сервис ва қишлоқ хўжалигида замонавий технологиялар, рақамли ечимлар ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш бўйича намуна бўлиши кераклиги таъкидланди.
«Беш миллион сунъий интеллект етакчиси» дастури бўйича сертификат олган ёшларнинг энг кўпи Фарғона вилоятига тўғри келади. Вилоят ва туманлар раҳбарларига иқтидорли ёшларни жалб этган ҳолда давлат идораларидаги хизматлар ва жараёнларни рақамлаштириш, аҳоли ва тадбиркорлар учун қулайликларни ошириш топширилди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда Фарғонада IT хизматлари 4 карра ўсиб, экспорт 23 млн доллардан ошди. Янги ўқув йилидан Қува тажрибаси асосида яна 16 та туманда техникумлар негизида дастурлаш, робототехника, график дизайн ва хорижий тиллар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Фарғона шаҳрида IT-Парк университети, Марғилонда ИНҲА университетининг филиалини очиб, сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва дастурий муҳандислик йўналишларида йилига 1 минг нафар талабани ўқитиш белгиланди.
Электрон тижоратни ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу соҳада Фарғона улуши ҳали паст экани қайд этилиб, вилоятда камида 100 минг квадрат метрли омборхона ташкил қилиш, шундан 30 минг квадрат метрини жорий йилда ишга тушириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Саноат ва ҳунармандчиликка ихтисослашган 126 та маҳалладаги тадбиркорларни электрон тижорат платформаларидан фойдаланишга ўргатиш вазифаси қўйилди.
Қишлоқ хўжалигида мавжуд захираларни ишга солиш ҳам муҳокама қилинди. Вилоятда 370 минг гектар суғориладиган ер, шундан 55 минг гектар боғ ва токзор бор. Қолаверса, 5,5 минг гектар боғ ва токзор эскирган, 6 минг гектар дашт ва адир ерларидан самарали фойдаланилмаяпти. Бу қўшимча 300 минг тонна мева-сабзавот ва иқтисодиётга 2 триллион сўмлик қўшилган қиймат яратиш имкони экани таъкидланди.
«Қува Агростар» агромажмуаси тажрибаси алоҳида қайд этилди. Бу ерда кооперация асосида томорқа ва деҳқон хўжаликларига кичик цехлар қуриш, деҳқонларни ўқитиш, ин-витро лабораторияда етиштирилган кўчатлар билан таъминлаш ва тайёр маҳсулот экспортига кўмаклашиш йўлга қўйилмоқда. Мана шундай ёндашувларни барча туманларда жорий қилиш, 5,5 минг гектар эскирган боғларни тўлиқ янгилаш топширилди.
Вилоятда 50 минг гектар кам ҳосилли пахта ва ғалла ерлари ҳамда самараси паст боғлар ўрнида супер интенсив боғлар яратиш бўйича катта дастур ишлаб чиқилади. Бу йил 611 минг тонна мева, 252 минг тонна узум, 1,8 миллион тонна сабзавот, 119 минг тонна шоли етиштириб, мева-сабзавот экспортини 25 фоизга ошириш ва 500 миллион долларга етказиш муҳимлиги қайд этилди.
Давлат раҳбари инвестиция масалаларига ҳам тўхталди. Вилоятда саноат зоналари учун ажратилган 1 минг 77 гектар ердан самарали фойдаланиш, ҳар бир гектарда йилига камида 50 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш асосий мезон бўлиши белгиланди. Саноат зоналарида 5 миллиард долларлик лойиҳаларни бошлаш топширилди.
Бешариқдаги Андархон маҳалласида эркин савдо зонаси ташкил этиш, Қўқондаги механика заводи ҳудудида 70 миллион долларлик йирик савдо комплексини барпо этиш таклифлари қўллаб-қувватланди.
Туризм соҳасида ҳам катта имкониятлар борлиги қайд этилди.
Тарихий обидалар ва бетакрор табиатни ўзида жамлаган Фарғонада хорижий туристлар оқимини яна 2-3 карра оширса бўлади, – деди Президент.
Бунинг учун Қўқон ва Марғилонни зиёрат туризмига, Сўх, Қува, Бешариқ ва Фарғона туманларини тиббий ва экотуризмга ихтисослаштириш зарурлиги таъкидланди.
Қувадаги «Каркидон» сув омбори атрофида дам олувчилар хавфсизлигини таъминлаш бўйича фавқулодда вазиятлар маркази ташкил этилгани қайд этилиб, мамлакатдаги бошқа сув омборларини ҳам босқичма-босқич аҳоли ва сайёҳлар учун қулай масканларга айлантириш вазифаси қўйилди.
Сўх туманида экотуризм, агро ва тиббий туризмни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Сўх дарёсининг Сариканда, Истиқлол ва Ровон маҳаллаларидан ўтган қисмида 130 гектар майдонда йирик туризм комплексини барпо этиш, хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда туманни ривожлантириш бўйича мастер-режа ишлаб чиқиш топширилди. Умуман, туманга янгича қиёфа олиб кириш бўйича уч йиллик дастур қабул қилиниши эълон қилинди.
Йиғилишда Фарғонанинг бой маданий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилиш давомида вилоят ва туманлар раҳбарларининг ҳисоботлари, тадбиркорлар ва жамоатчилик вакилларининг фикрлари тингланди.





