Жанубий Корея собиқ биринчи хоними қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Жанубий Кореянинг собиқ биринчи хоними Ким Гон Хи Бирлашув черковидан қимматбаҳо совғалар олгани учун айбдор деб топилиб, 1 йил 8 ойга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда The Korea Times хабар берди.

Сеул марказий округ суди Ким шаман билан тил бириктиргани ва шу орқали у 2022 йил апрелидан июлигача хизматлари эвазига қимматбаҳо буюмлар кўринишида пора олганини маълум қилди.
Шунингдек, cобиқ биринчи хонимни автомобиль дилерининг қимматли қоғозлари қийматини сунъий равишда ўзгартиришда айблашган. Терговга кўра, 2010–2012 йиллар давомидаги махинациялар натижасида у гўёки 810 миллион вон (564 минг доллар) даромад олган. Аммо айблов бўйича суд Ким Гон Хини айбсиз деб топди.
Бундан ташқари, Ким 2021 йил июнидан 2022 йил мартигача бўлган даврда жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича тахминан 270 миллион вон қийматидаги бепул хизматларни олиш мақсадида эри билан тил бириктирганликда айбланган. Бироқ ушбу иш бўйича ҳам у оқланган.
Ким 2025 йил август ойида ҳибсга олинган. Бу жараёнда у Бирлашув черковидан олган бриллиант кулон асосий далиллардан бири бўлган.
Натижада, у қимматбаҳо совғалар олиб, коррупцияга қарши қонунларни бузганликда айбдор деб топилди. Озодликдан маҳрум этишдан ташқари, биринчи инстанция суди Ким Гон Хидан 12,8 миллион вон миқдорида жарима ундиришни ва маржонни мусодара қилишни белгилади.





