Ўзбекистонда нарколабораториядан $1 млн миқдордаги наркотиклар аниқланди
Тошкент ва Андижон вилоятларида нарколабораторияларни аниқлаш ва фаолиятига чек қўйиш бўйича комплекс тадбирлар ўтказилди, деб хабар берди Давлат хавфсизлик хизмати.

Хусусан, Тelegram мессенжеридаги наркодўкон кураторлари томонидан белгиланган жойларга қолдириб кетилган, синтетик гиёҳвандлик моддаларини тайёрлашда фойдаланиладиган катта миқдордаги перекурсорлар аниқланиб, оператив кузатувга олинган.
Тезкор тадбир давомида ушбу перекурсорларни олиш учун келган вақтида Андижон шаҳрида яшовчи, 2002 й.т. икки нафар фуқаро қўлга олиниб, улар томонидан Андижон шаҳрининг Боғишамол маҳалласида нарколаборатория ташкил қилинганлиги аниқланган.
Натижада, ушбу манзилдан қора бозордаги умумий тахминий нархи 1 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 26 кг Мефедрон синтетик наркотик моддаси ҳамда гиёҳвандлик воситалари тайёрлашда фойдаланиладиган прекурсорлар ва кимёвий моддалар, лаборатория жиҳозлари, 10-20 литр ҳажмли елим идишлар, контенерлар, респираторлар, резина қўлқоплар ва бошқа зарур анжомлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди, — дейилади хабарда.
Шунингдек, қонунбузарлардан бири ушбу дала ҳовлини интернет наркодўкондаги куратори томонидан юборилган 15,8 минг АҚШ доллари эвазига ўз номига сотиб олиб, лабораторияни жиҳозлаш учун 5 минг АҚШ доллари сарфлаганлиги ҳамда жорий йилнинг январь ойида 11,7 кг Мефедрон наркотик моддасини тайёрлаб, куратори кўрсатмаси асосида, хуфиёна жойга жойлаштириб, унинг локациясини хўжайинига жўнатганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, мазкур шахслар томонидан Чирчиқ шаҳрида ижарага олинган омборга 400 литр прекурсорлар яшириб қўйилганлиги ҳам аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда, уларга нисбатан ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.




