Энди айрим талабалардан магистратурага киришда тил сертификати талаб қилинмайди

Ўзбекистонда Олий таълим, фан ва инновациялар тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари маркази негизида Олий таълимни ривожлантириш ва глобал ҳамкорлик маркази ташкил этилади.

Республика давлат олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишларига муайян ўқув йили учун ажратилган грант квоталарининг тўлмай қолган қисми ҳисобидан ҳар йили 500 нафаргача бўлган иқтидорли чет эл фуқароларига олий таълим ташкилотларида таълим олиш учун грант беришни назарда тутувчи «Янги Ўзбекистон стипендияси» дастури амалга оширилади.

2026/2027 ўқув йилидан олий таълим ташкилотларига хорижий талабаларни қабул қилишнинг амалдаги тартибига қўшимча тариқасида «Study in Uzbekistan» платформаси орқали
қабул қилиш йўлга қўйилади.

2026/2027 ўқув йилидан таълим дастурини хорижий тилда якунлаган талабалар таълимнинг кейинги босқичи учун ҳужжат топширишда хорижий тилни билиш тўғрисидаги сертификатни тақдим этишдан озод этилади.

Шу билан бирга қуйидагилар ташкил этилади:

• рақамли таълим технологияларини ривожлантириш маркази негизида Рақамли таълим ва сунъий интеллектни ривожлантириш маркази;

• инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери миллий офиси ҳамда Ёшлар академияси негизида Ёшларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш офиси.

Ўзбекистон