Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Очиқлик индекси» бўйича энг паст кўрсаткични қайд этди
Ўзбекистон Коррупцияга қарши кураш агентлиги 2025-йил учун шаффофлик индекси натижаларини эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, президент фармонига мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлиги 2022-йилдан бошлаб ҳар йили «Очиқлик индекси» асосида баҳолаб келинмоқда.
Жумладан, 2025-йил якунлари бўйича ўтказилган бу йилги баҳолашда 97 та вазирлик, идора, муассаса ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти қамраб олинган. Баҳолаш жараёни 84 та баҳолаш мезонидан таркиб топган 8 та индикатор асосида амалга оширилган.
Якуний натижаларга кўра, 66 та давлат органи «яшил», 22 таси «сариқ» ва 9 таси «қизил» самарадорлик кўрсаткичларини қайд этди.
Хусусан, 2022-йилдаги, яъни илк баҳолаш кўрсаткичлари билан таққослаганда «яшил» тоифадагилар 3,5 баробарга кўпайган бўлса, «сариқ» тоифадагилар 2 баробар ва «қизил» тоифадагилар 3 баробарга камайган.
Очиқлик бўйича энг юқори самарадорлик кўрсаткичларини «Навоий кон-металлургия комбинати», «Ўзбекгидроэнерго» ва «Ўзавтосаноат», Транспорт назорати инспекцияси, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати»лар қайд этган.
Республика даражасидаги ташкилотлардан — Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги ва «Ўзбекистон темир йўллари», ҳудудий миқёсда эса Андижон вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари энг паст кўрсаткичларни қайд этиб, «қизил» тоифада баҳоланган.
Агентлик томонидан келгусида баҳолаш жараёнларини қуйи тизимларда ҳам амалга ошириш кўзда тутилган.




