Тошкентда нарколаборатория ташкил этган «кимёгарлар» ва уларнинг закладчилари ушланди

Тезкор қидирув тадбирлари натижасида Ўзбекистонда нарко жиноий гуруҳлар фош қилинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Хусусан, Тошкент вилоятининг Қибрай, Тошкент туманлари, шунингдек Тошкент шаҳрининг Яккасарой ҳамда Шайхонтоҳур туманларида ўтказилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида муқаддам Жиноят кодексининг 177-моддаси билан судланган, 1997 йилда туғилган фуқаро ва унинг турмуш ўртоғи гиёҳвандлик ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларини тарқатаётган вақтида қўлга олинган.

Уларга тегишли автомобил текширилганда, унда 35 дона прегабалин кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, расмийлаштириб олинган. Маълум бўлишича, эр-хотин интернет наркодўконда «закладчик» лавозимида ишлаб келган.

Шунингдек, Telegram орқали куратори ташлаб берган геолокацияларга кучли таъсир қилувчи психотроп дори воситалари ва гиёҳвандлик моддаларини жойлаштириб, топшириқларни бажариб келган. Текширувлар натижасида 702 дона прегабалин, тропикамид кучли таъсир қилувчи доривор воситалари ва гашиш гиёҳвандлик воситалари аниқланди.

Жорий йилнинг 8 апрель куни мазкур уюшган жиноий гуруҳ аъзоларини аниқлаш мақсадида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида тезкор қидирув тадбири давом эттирилган.

Шундан сўнг, интернет наркодўконда «кимёгар» лавозимида ишлаб келган 2 нафар шахс ушланган. Муқаддам Жиноят кодексининг 164 ва 241-моддалари билан судланган кимёгарлар ойига 100 минг дона прегабалин ҳамда 500 минг дона тропикамид кучли таъсир қилувчи дориларни тайёрлаб келган.

Бундан ташқари,  улар ижарадаги хонадонда нарколаборатория ташкил этганлиги аниқланади. У ерда кукунсимон ҳолатдаги 8 кг прегабалин, 500 г тропикамид, шунингдек тайёр ҳолатдаги 68 дона тропикамид, 1500 дона прегабалин кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда 20 кг трилон прекурсорлари аниқланади.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 251¹-моддаси 5-қисми билан иш қўзғатилиб, қамоққа олинган.

Ўзбекистон