Навоийда боғча болаларини қийнаб, дўппослаган тарбиячига жиноят иши қўзғатилди
Жорий йилнинг 8-апрель куни ижтимоий тармоқларда Навоий шаҳридаги хусусий мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси тарбияланувчиларга қўпол муносабатда бўлиб, уларни қийнаб, дўппослаганлик ҳолати акс этган видео тарқалди.

Шундан сўнг, ҳолат юзасидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилганда, мазкур ҳолат жорий йилнинг 7-апрель куни Навоий шаҳар «Янгиариқ» МФЙда жойлашган фуқаро С.С. раҳбарлиги остида бўлган хусусий мактабгача таълим муассасасида содир этилганлиги аниқланган.
Хусусан, мазкур таълим муассасасида тарбиячи бўлиб ишлаб келаётган 2003-йилда туғилган фуқаро Е.Н. ўзининг қарамоғи остидаги гуруҳида тарбияланаётган болаларни гўёки, тартибга солиш усули сифатида аёвсиз калтаклаганлиги маълум бўлган.
Ўрганишлар давомида гумонланувчи томонидан жорий йилнинг март ойидан апрель ойига қадар бўлган вақт оралиғида қарамоғида бўлган болаларни ўзини-ўзи ҳимоя қилиш имконияти чекланганлиги ва ожиз аҳволда эканлигидан фойдаланиб, дўппослаш ва зўрлик ишлатиб содир этиладиган бошқа ҳаракатлар билан муттасил равишда қийнаб келган, — дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан Е.Н.га нисбатан Навоий шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва фуқаро гумонланувчи тариқасида процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





