Ўзбекистонда сув фонди ерлари ва сел сувларидан фойдаланиш самарадорлиги оширилади

Қирғоқларни ювилиши ва сув тошқинларига сабаб бўлаётган ҳудудларда қум ва шағал қазиб олишга рухсат берилади

Президент Шавкат Мирзиёев сув фонди ерлари ҳамда сел сувларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Қайд этилишича, мамлакатда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ирригация тармоқларини модернизация қилиш ва сув тежамкорлигини таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир.

Хусусан, юртдаги 150 минг километр дарё ва канал ўзанларини бетонлаш ишларининг бошлангани натижасида йилига 1,3 миллиард куб метр сув тежалмоқда.

Йиғилишда сув инфратузилмасини нафақат техник объект, балки иқтисодий актив сифатида кўриш зарурлиги таъкидланди.

Бугун дунёда дарё, канал, сув омборлари ва кўллар бўйида туризм, дам олиш, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик ҳудудларини ташкил этиш катта иқтисодий йўналишга айланган.

Бундай лойиҳалар кўчмас мулк ва ер участкалари қийматини ошириш, туман ва шаҳарлар иқтисодиётини жонлантириш, ички туризм ва хизматлар соҳасини ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда экологик барқарорликни яхшилашга хизмат қилади, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Жаҳон тажрибасида сув инфратузилмаси атрофидаги туризм лойиҳаларига киритилган 1 доллар сармоянинг иқтисодий қайтими 3-10 доллар атрофида баҳоланади.

Шу боис, мутасаддилар ва ҳокимлар сув инфратузилмасини иқтисодий самара берадиган лойиҳаларга айлантириш устида тизимли ишлаши зарурлиги қайд этилди.

Бунинг учун қатор янги имкониятлар яратилади. Жумладан, қирғоқлар ювилиши ва сув босишига сабаб бўлаётган қум-шағални қазиб олишга рухсат берилади.

Сув ва сел-сув омборлари, канал, коллектор, табиий кўл ва гидротехника иншоотларини тупроқдан тозалаш ишларига тадбиркорлар тендерсиз жалб қилинади. Сув ва сел-сув омборларида сувдан бўшаган ерлар экин экиш учун аукцион орқали ижарага берилади.

Мутасаддиларга сув фонди ерларини ижарага бериш, мониторинг қилиш, шартномалар тузиш ва ҳисоботини онлайн юритиш бўйича ахборот тизимини ишга тушириш топширилди. Космик тадқиқотлар агентлигига дарё ўзанлари ва сув хўжалиги объектларидан қазиб олинадиган қум-шағал ҳажмини аниқ ҳисоблаш ва тегишли идораларга тақдим этиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда сел-тошқин сувларидан фойдаланиш масаласи ҳам атрофлича кўриб чиқилди.

Иқлим ўзгариши туфайли сўнгги йилларда қисқа вақтда кучли ёмғирлар кўпаймоқда. Бу эса сел-тошқинлар хавфини оширмоқда. Айниқса, Самарқанд, Жиззах ва Тошкент вилоятларининг тоғли ва тоғолди ҳудудларида сел хавфи юқори ҳисобланади.
Сел-тошқинлар инфратузилма ва қишлоқ хўжалигигагина эмас, балки саноат, суғурта, логистика ва ташқи савдога ҳам зарар етказади.

Шу боис, сел сувларини бошқаришда фақат тўғон қуриш билан чекланмасдан, интеграл ёндашувни ҳам жорий этиш зарурлиги қайд этилди. Бунда сел хавфини камайтириш, сувни тўплаш, қишлоқ хўжалиги, энергетика, балиқчилик, туризм ва хизматлар соҳаси билан боғлиқ лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш назарда тутилади.

Давлат раҳбари томонидан мутасаддиларга сув инфратузилмасини иқтисодий фаоллик манбаига айлантириш, сел-тошқин хавфларини камайтириш, сув захираларидан самарали фойдаланиш ва мазкур йўналишда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш юзасидан қатор топшириқлар берилди.

Ўзбекистон