Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси» имзоланди
Мазкур лойиҳа қатор қўшма лойиҳаларни амалга оширишни кўзда тутади

Остонага амалий ташриф доирасида Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳузурида Инвестиция ва савдо соҳаларида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича амалий ҳаракатлар режасини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
«Йўл харитаси»да автомобилсозлик, энергетика, кимё саноати, металлургия, фармацевтика, логистика, қурилиш материаллари, уй-жой қурилиши, қишлоқ хўжалиги каби тармоқларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган.
Ҳужжат жорий йил апрель-май ойларида икки давлат раҳбарларининг Бухоро ва Туркистон шаҳарларида бўлиб ўтган учрашувларида эришилган келишувларни амалга оширишга қаратилган.





