Жиззах, Сурхондарё ва Фарғонада иссиқ об-ҳаво туфайли боғчалар фаолияти вақтинча тўхтатилди

Қарор болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида қабул қилинди

Жиззах вилоятининг айрим туманларида иссиқ об-ҳаво туфайли мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти вақтинча тўхтатилди, дея хабар беради вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати.

Ўзгидромет маълумотига кўра, 2026 йил 15–17 июль кунлари Жиззах вилоятида ҳаво ҳарорати 44–45°C гача кўтарилиши прогноз қилинмоқда.

Болаларнинг ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида, Жиззах вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг тавсиясига асосан: Арнасой, Мирзачўл, Зафаробод, Зарбдор, Пахтакор туманлари ҳамда Жиззах шаҳридаги жами 103 та давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти 2026 йил 15–17 июль кунлари вақтинча тўхтатилади, —  дейилади хабарда.

Бундан ташқари, аномал иссиқ об-ҳаво муносабати билан Сурхондарё вилоятидаги бир қатор давлат мактабгача таълим ташкилотлари ўз фаолиятини 18 июлга қадар вақтинча тўхтатиб туради.

Фарғона вилоятида эса 16–17 июль кунлари барча давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти вақтинча тўхтатилади. Боғчалар 20 июлдан бошлаб одатий тартибда ўз иш фаолиятини давом эттиради.

Ўзбекистон