Наманганда дарёда чўмилмоқчи бўлган эркак чўкиб кетди
Ҳозирги вақтда қутқарувчилар чўкиб кетган фуқаронинг жасадини излашмоқда

Ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Наманган тумани «Оқ ер» МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Сирдарё дарёсида фуқаронинг чўкиб кетгани ҳақида хабар тарқалди. Вазият юзасидан вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати изоҳ берди.
Маълумотларга кўра, 12 июль куни соат 18:26 да Фарғона вилояти Учкўприк тумани «Пучуғой» маҳалласида яшовчи 27 ёшли фуқаро Сирдарё дарёсида чўмилаётган вақтида чўкиб кетгани ҳақида хабар келиб тушган.
Натижада, айни дамда мазкур ҳолат юзасидан Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Махсус қидирув-қутқарув отряди қутқарувчи ғаввослари томонидан сув остида, Наманган тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин-қутқарувчилари томонидан эса сув устида қидирув ишлари узлуксиз олиб борилмоқда.
Қидирув ишлари якуни бўйича қўшимча маълумот тақдим этилиши билдирилди.





