Ўзбекистон Беларусь билан ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиради
Саноат ва қишлоқ хўжалиги объектлари негизида янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича алоҳида «йўл хариталари» тасдиқланади

Президент Шавкат Мирзиёев Беларусга ташриф давомида ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича эришилган келишувлар ижросига доир тақдимот билан танишди.
Қайд этилганидек, давлат раҳбаринг 8-9 июль кунлари ушбу мамлакатга амалга оширилган расмий ташрифи чоғида ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик, ёғочни қайта ишлаш ва тиббиёт соҳаларида умумий қиймати 2 миллиард долларлик 310 та лойиҳа ва чора-тадбирни рўёбга чиқариш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Давлат раҳбари уларни қисқа муддатда амалий натижага айлантириш, янги корхоналар ва иш ўринларини ташкил этиш, тадбиркорлар учун зарур шарт-шароитларни яратиш муҳимлигини таъкидлади.

Беларусда инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш учун таклиф этилаётган саноат объектлари, давлат мулки ва кенг қишлоқ хўжалиги ерлари мавжуд. Мамлакат ҳудудининг 40% ёки 8 миллион гектарини қишлоқ хўжалиги майдонлари ташкил этади.
Бу имкониятлар қўшма ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш, аграр кооперацияни ривожлантириш, тадбиркорлик алоқаларини кенгайтириш ҳамда фуқароларни ташкилий асосда иш билан таъминлаш учун мустаҳкам замин яратади.
Тақдимотда Андижон ва Витебск вилоятлари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида бажарилган ишлар ҳақида ахборот берилди. Икки ҳудуд ўртасида «йўл харитаси» тасдиқланиб, аниқ ташаббусларни рўёбга чиқариш бошланган. Жумладан, 255 нафар Андижон вилояти фуқаросининг ташкилий асосда Витебскка бориши ва бандлиги таъминланган.
Президент Андижон ва Витебск вилоятлари ўртасида шаклланган ҳамкорлик моделини бошқа ҳудудлар кесимида ҳам ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди.
Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Тошкент, Фарғона ва Самарқанд вилоятлари Беларуснинг Витебск, Могилёв, Гродно, Гомель ва Брест вилоятларига бириктирилади. Саноат ва аграр объектлар негизида янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, тадбиркорлик лойиҳаларини жойлаштириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича алоҳида «йўл хариталари» тасдиқланади.
Ҳар бир ҳудуддан 30 нафардан етакчи тадбиркорни Беларусга олиб бориб, маҳаллий шериклар билан қўшма ташаббусларни бошлаш вазифаси қўйилди.
Давлат раҳбари ҳар бир келишув аниқ лойиҳа, янги корхона, қўшимча савдо ҳажми ва муносиб иш ўрнига айланиши шартлигини таъкидлади. Мутасаддиларга эришилган натижаларни тизимли назорат қилиш ва «йўл хариталари» ижросини танқидий таҳлил қилиб бориш топширилди.





