Шавкат Мирзиёев Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларини белгилаб берди
Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятининг Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Таъкидланганишича, авваллари Сўх етиб бориш қийин, транспорт ва логистика имкониятлари чекланган, иқтисодий алоқалари заиф ҳудудлардан бири эди. Сўнгги йилларда минтақавий ҳамкорлик ва қатъий сиёсий ирода туфайли бу ҳудудни комплекс ривожлантириш учун янги имкониятлар яратилди. Янги йўллар очилди, чегарадан ўтиш тартиблари енгиллаштирилди, тадбиркорлик учун шароитлар яхшиланди, замонавий боғча, мактаб, поликлиника ва уй-жойлар барпо этилди.
Хусусан, ўтган йилнинг ўзида 13 минг 921 та иш ўрни яратилди, 1 минг 667 та оила камбағалликдан чиқарилди. Шу билан бирга, туманда камбағаллик даражаси 7,9%, ишсизлик 5,5% ташкил этиб, бу кўрсаткичлар ҳали ҳам республика ўртача даражасидан юқори экани кўрсатиб ўтилди.
Тақдимотда мутасаддилар жорий йилда туманга 40 млн доллар инвестиция жалб қилиш, 15 млн долларлик экспортни таъминлаш режаси олингани ҳақида ахборот берди. Бунинг ҳисобига саноатда 9%, хизматлар соҳасида 17,1%, қишлоқ хўжалигида 7,6% ўсишга эришиш кўзда тутилган.

Йиғилишда туманнинг туризм салоҳиятига алоҳида эътибор қаратилди. Сўхнинг бетакрор табиати, мусаффо ҳавоси, дарёлари ва салқин иқлими мазкур соҳани иқтисодиёт драйверларидан бирига айлантириш имконини бериши таъкидланди.
Умуман, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасида 60 миллион доллар инвестиция жалб қилиш, қарийб 2 минг иш ўрни яратиш, туризм хизматлари ҳажмини 15 млрд сўмга, экспортни эса 2 млн долларга ошириш режалаштирилгани маълум қилинди.
Энг муҳим вазифалардан бири сифатида аҳоли яшаши ва меҳнат қилиши учун қулай инфратузилма яратиш, тадбиркорликни кенгайтириш ва бандликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳар бир маҳаллада 10 тадан, жами 300 та микролойиҳа ишга туширилиб, 8,6 минг аҳоли касб-ҳунарга ўқитилади. Бу лойиҳаларга банклар томонидан 64 млрд сўм кредит ресурси йўналтирилади, ижтимоий ва инфратузилма объектлари учун эса қўшимча 74,5 млрд сўм ажратилади.

Транспорт-логистика масалалари ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Туманнинг бошқа ҳудудлар билан боғлиқлигини ошириш, чегарадан ўтишни тезлаштириш ҳамда иқтисодий алоқаларни кенгайтириш бўйича амалий чоралар белгиланди. Аҳоли даромадининг асосий қисми қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ экани инобатга олиниб, ушбу соҳада замонавий ёндашувлар ва янги технологияларни кенг жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
Давлат раҳбари Сўх туманини ривожлантиришда энг асосий мақсад одамлар ҳаётида сезиларли ўзгариш қилиш, аҳоли даромадини ошириш, иш ўринлари яратиш ва ҳудуднинг транспорт боғлиқлигини янада кучайтиришдан иборат эканини таъкидлади. Мутасаддиларга туман бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.





