Фарғонада 11 минг донадан ортиқ кучли таъсир қилувчи дориларни сотмоқчи бўлганлар ушланди
Фарғона вилоятида катта миқдордаги кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг айланмаси тўхтатилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Жумладан, Қўқон шаҳрида яшовчи, 1994 ва 2002 йилларда туғилган 2 нафар шахс ўзларининг таниши бўлган, Қўштепа туманида истиқомат қилувчи, 2001 й.т. фуқаронинг Jentra русумли автомашинасида Фарғона туманига бориб, қўшни республикадан мамлакат ҳудудига ноқонуний ўтказилган 11 650 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қабул қилиб олишган.
Сўнгра Қўқон шаҳрига қайтиб кетаётганларида тезкор гуруҳ томонидан Учкўприк тумани ҳудудида тўхтатилган вақтларида, улар автомашинадан дори воситаларини улоқтириб, воқеа жойидан қочмоқчи бўлишган.
Аниқланишича, қонунбузарлар бу турдаги дориларни Фарғона ва Қўқон шаҳарларида яшовчи шахсларга сотиш билан шуғулланиб келишган.
Ҳозирда уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.



