Ўзбекистонда ҳафта давомида кучли шамол ва ёмғир ёғиши кутилмоқда
Жорий йилнинг 14-17-апрель кунлари Ўзбекистон ҳудудига нам ва салқин ҳаво массалари кириб келади, деб хабар берди Узгидромет.

Хусусан, 14-апрелда республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида, 15-17-апрелда кўпчилик вилоятларида ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади. Шунингдек, момақалдироқ кузатилиши мумкинлиги билдирилди.
Бундан ташқари, республиканинг баланд тоғли ҳудудларида ёмғир қорга айланиши кутилмоқда.
Ўзбекистон бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача, айрим жойларда баъзида 25-28 м/с гача кучаяди, 14-15-апрелда айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин. 15-17-апрелда кундузги ҳаво ҳарорати аста-секин 13-16 даражагача пасаяди.





