ДХХ Ўзбекистон фуқароларини хорижий рақамлар қўнғироқларидан огоҳлантирди
Ўзбекистонда телефон рақамларига хориждан шубҳали қўнғироқлар бўлиши кўпаймоқда, деб хабар берди Давлат хавфсизлик хизмати.

Хусусан, мутахассислар томонидан ўтказилган таҳлиллар натижасида қуйидагилар аниқланган:
• бундай қўнғироқлар оддий телефон эмас, балки интернет ва махсус дастурлар орқали амалга оширилади. Фирибгарлар ушбу тизимлар ёрдамида ўзларининг ҳақиқий рақамларини яшириб, телефон экранида исталган давлатнинг сохта рақамини кўрсатишлари мумкин;
• улар қўнғироқни интернет орқали юбориб, рақамни аввалдан сохталаштириб қўйганликлари боис, мобил компаниялар тизимида бу қўнғироқни ким ва қаердан амалга оширганлигини аниқлаш мушкул;
• бундай рақамлар хусусида махсус базаларда ҳеч қандай маълумот бўлмайди. Бу эса уларнинг аслида SIM-карта эмаслигини, балки қўнғироқ пайтида сохталаштирилган ва вақтинчалик рақамлар эканлигини англатади.
Таъкидланишича, шубҳали қўнғироқлар абонентлар учун қуйидаги хавфларни юзага келтиради:
• бундай хорижий рақамларга қўнғироқ қилиш телефон балансидаги маблағнинг ечиб олинишига сабаб бўлади;
• фирибгарлар ўзларини турли ташкилот ходими сифатида таништириб, шахсий маълумотлар ва банк картаси кодларини билиб олишга уринади;
• гўшакни кўтариш рақамингизнинг «фаол» эканлигини билдиради ва натижада сизга бўладиган фирибгарлик ҳужумлари сони кескин ортади;
• сизнинг овозингиз ёзиб олиниб, кейинчалик сунъий интеллект ёрдамида сохталаштириш орқали яқинларингизни алдаш учун ишлатилиши мумкин.
Ҳурматли фуқаролар, фирибгарлар тузоғига тушиб қолмаслик учун нотаниш ва шубҳали чет эл рақамларидан бўлаётган қўнғироқларга жавоб бермаслик, уларга қайта қўнғироқ қилмаслик, ушбу рақамларни блоклаш ҳамда шахсий маълумотларингизни бегоналарга ошкор қилмасликни тавсия этамиз.




