Тошкент вилоятида тоғ чўққисида қолиб кетган 4 ёшли бола қутқариб олинди

Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида адашиб қолган тўрт ёшли бола топилди, деб хабар қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳодиса 13-апрель куни Оҳангарон тумани ҳудудидаги тоғларда содир бўлган. Олти нафардан иборат оила таркибида 4 ёшли бола ҳам бўлган, улар дам олиш учун йўлга чиққан. Сайр вақтида соат тахминан 17:00 ларда улар тоғ чўққисидаги қорларни кўриш мақсадида юқорига кўтарилишган.

Айнан шу жойда катталар болани унутиб қолдириб, дам олишни давом эттириш учун пастга тушиб кетишган. Боланинг йўқлиги тахминан 40 дақиқадан сўнг маълум бўлган.

Шундан сўнг боланинг яқинлари зудлик билан ФВВнинг навбатчилик қисмига хабар беришган. Йўқолган болани қидириш ишларига Тошкент вилояти ФВББ қидирув-қутқарув гуруҳлари, шунингдек «Қамчиқ» махсус қутқарув бошқармаси ходимлари дарҳол жалб этилган. Қидирув-қутқарув ишлари 6,5 соатдан ортиқ давом этган.

Натижада, 14-апрель куни тунги соат 00:20 да 4 ёшли бола Олмалиқ махсус қидирув-қутқарув отряди қутқарувчилари томонидан тирик ҳолда топилган

Қутқарувчиларнинг сўзларига кўра, бола ота-онаси уни унутиб қолдирган жойдан тахминан 3 километр узоқликдан топилган. Топилган вақтда бола тиззасигача қор ичида жим ҳолда турган бўлган. Бола яқинларига соғ-саломат топширилган. Ҳозирда у ўз уйида, аҳволи яхши, — дейилади хабарда.

Ўзбекистон