Коронавирус мутациясининг янги хусусияти маълум бўлди

Буюк Британияда аниқланган COVID мутацияси кўпинча 10 ёшдан 19 ёшгача бўлганлар орасида кенг тарқалмоқда, бу эса қўшимча хавфларни келтириб чиқаряпти. Бу ҳақда Лондон университети эпидемиология бўйича катта ўқитувчиси Дипти Гурдасани ўзининг Twitter саҳифасида хабар берди.

Фото: Getty Images

Унинг сўзларига кўра, янги тадқиқотларда ушбу хусусият аниқланган. Таъкидланишича, болалар ва ўсмирлар орасида юқумли касаллик кучайганлиги сабабли коронавируснинг бу тури катталарга тез ўтиши мумкин. Бу эса SARS-CoV-2’нинг тез тарқалишига ва янги ўлимларга олиб келади.

Олим, шунингдек, янги штамм 9 ёшгача бўлган болалар орасида кенг тарқалганлигини айтди. Бу SARS-CoV-2’га қараганда ёшларда касалликнинг тез-тез учрайдиган аломатларини келтириб чиқариши мумкин. Бироқ, унинг сўзларига кўра, бу тахминлар ҳали ҳам қўшимча далиллар билан исботини топиши керак.

«Бу, шунингдек, болалар янги вирусга кўпроқ мойил бўлишларини англатмайди», — дея таъкидлади эпидемиолог. Унинг айтишича, ёшларда вируснинг кўп кузатилаётганини улар ўртасидаги тез-тез учрайдиган яқин алоқалар билан изоҳлаш мумкин. Шунинг учун ҳам олим эпидемиологик вазият яхшиланмагунча мактабларни ёпишга чақирди.

Гурдасани Англияда коронавирус билан боғлиқ ҳозирги вазият «даҳшатли» эканлигини қўшимча қилди. «Ўз вақтида чоралар кўрилмаса, у янада кучайиши мумкин», — дейди эпидемиолог.

Аввалроқ коронавирус янги штаммининг асосий хавфи эълон қилинган эди. Шунингдек, вируснинг янги турига энг кўп кимлар чалинаётгани маълум бўлган.